Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 апрелдаги қарори билан 2017−2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тасдиқланди.

Ҳужжатда кўрсатилган муддатда 10,2 минг километр ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1677 та сув чиқариш қудуғи, 1744 та сув минораси ва резервуари қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 1440 дона насос ускунасини ўрнатиш назарда тутилган.

20 та ичимлик суви таъминоти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, 302 километрдан иборат сув ўтказиш ва водопровод тармоқларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган минтақалараро аҳамиятга молик ичимлик суви таъминоти тизимлари ва ўта муҳим объектларни барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли дастурни амалга ошириш белгиланган.

Халқаро молия институтларининг кредитларини жалб этган ҳолда, республикамиз ҳудудларида 36 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутадиган Қорақалпоғистон ва вилоятларда ичимлик суви тармоқлари ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастури тасдиқланмоқда.

Дастурни молиялаштириш учун 4,8 триллион сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 триллион сўм ёки 730,7 миллион доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва Дастурнинг амалга оширилишини назорат қилиш учун Идоралараро ишчи комиссияси тасдиқланди. Шунингдек, қарорда «Тоза ичимлик суви» жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, унинг маблағлари мамлакатда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилишга, республика аҳолиси, айниқса, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади.

Бундан ташқари, қарорда ичимлик суви таъминоти тизими объектларидан янада ишончли фойдаланиш мақсадида ҳар бир аҳоли пунктидаги ичимлик суви таъминоти объектларини паспортлаштириш ва ичимлик суви таъминоти тизими объектларининг электрон маълумотлар базасини яратиш назарда тутилган.

Ушбу қарорнинг амалга оширилиши аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олишни республикамиз миқёсида 84 фоизга, бир қатор ҳудудларда эса 90 фоизга етказишга имкон беради.