Якка тартибдаги тадбиркорлар ўз пластик карточкалари орқали нафақат ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, балки ҳар қандай турдаги маҳсулот ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон Марказий банки «Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида"ги низомга тегишли ўзгартишларни киритди.

«Эндиликда томонлар, яъни сотувчи ва банк картаси эгаси ўртасида тегишли шартномани тузиш зарурати йўқ», — дейилади Марказий банк хабарида. Бу каби тўловларни амалга оширишда тегишли тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси туширилган «тўланди» муҳри қўйилган счётлар, квитанциялар, банкомат, инфокиоск ва терминал квитанциялари ҳисобот ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар эндиликда ўз банк карточкаларини фойдаланиш учун бошқа шахсларга бериш ҳуқуқига эга.

Бунга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар ўз пластик карточкаларини фақатгина тадбиркорнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ишлата олар эди.