Ўзбекистонда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш режалаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий актлар порталига муҳокама учун жойлаштирилди.

Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотлар дейилганида Ўзбекистон ҳудудида тарқатиш учун мўлжалланган оммавий ахборот воситалари маҳсулоти, шу жумладан электрон, босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар, электрон ҳисоблаш машинаси ва маълумотлар базаси учун дастурлар, компьютер ва бошқа электрон ўйинлар, шунингдек, томошабоп тадбирлар, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет ахборот тармоғи орқали тарқатиладиган ахборот тушунилади.

Қонун лойиҳасида ахборий маҳсулотларнинг ёш тоифалари бўйича таснифлаш эҳтимоли ҳам кўзда тутилган. Тоифалаш (7 ёшгача, 7−14 ёш, 14−18 ва болалар учун тақиқланган) вояга етмаганлар ишлари бўйича маҳкамалараро комиссиялар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари ва тарқатувчиларининг мурожаатлари асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида тарқатилиши тақиқланган маҳсулотлар ишчи органнинг эксперт хулосалари асосида махсус реестрга киритилиши режалаштирилган. Рўйхат ҳақида маълумот олишга қизиқиш билдирган шахсларга интернет орқали тақдим этилади.