Ўзбекистон Президенти 21 апрель куни «2017−2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжат қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланишдаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга йўналтирилган.

Қарорга берилган расмий шарҳда келтирилишича, ҳозирги вақтда чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолмоқда ва улар туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлаштириб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратмоқда.

Қарорда 2017 йилда мамлакат шаҳарларидаги санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига 237 та махсус техника харид қилиш, 94 та гараж қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар учун 168 та элак қурилмалари ўрнатиш режалаштирилган. Қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган 168 та полигонни ободонлаштириш белгиланган.

Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Наманган шаҳарларида йирик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган, 2017−2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг 161 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағларини жалб этган ҳолда шаҳарларда чиқиндиларни тўплаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди.

2017−2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган технологияларни жорий этиш прогноз кўрсаткичлари, жумладан, келгуси икки йилда Нукус шаҳри ва барча вилоятлар марказларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини қуриш кўзда тутилиб, мазкур лойиҳаларга 27 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва мазкур дастурлар амалга оширилишини назорат қилиш, муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш мақсадида Республика комиссияси ташкил этилди.

2017−2021 йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Тошкентда чиқиндиларни олиб чиқиш, чиқинди йиғиш пунктлари ва қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини сақлаш ва эксплуатация қилиш билан «Махсустранс» давлат унитар корхонаси шуғулланади. Вилоятларда эса бу вазифалар Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида ташкил этилувчи «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари зиммасига юклатилади.

Натижада аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакат бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.