20 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонга икки томонлама музокараларда иштирок этиш учун келган Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, суҳбат аввалида мамлакатларимизда 22 апрел куни нишонланадиган Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан томонлар бир-бирларини табрикладилар.

Учрашувда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдорлиги ҳамда бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ушбу масалалар Ўмоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва тез орада Маскатда очилувчи Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистан Фанлар Академияси қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Ўмон молиявий ва консултатив кўмаги асосида қурилиб, жиҳозланаётган янги биноси маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама самарали алоқаларнинг ёрқин тимсоли эканлигини эътироф этилди.

Суҳбат давомида халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Шу куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ўмон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди доирасида икки томон кун тартибининг асосий масалалари турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро қизиқиш мавжудлиги нуқтайи назаридан батафсил муҳокама қилинди.

Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтайи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.