18 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни 16 апрель куни бўлиб ўтган референдумнинг муваффақиятли натижалари билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Президенти мамлакатлар орасида ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган яқин ҳамкорлик муносабатлари тобора фаоллашиб бораётганидан мамнунлигини таъкидлади ва қардош ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстона алоқалар яқин истиқболда сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарилишига ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёев Туркия Президентига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида янги зафарлар, қардош Туркия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва доимий тараққиёт тилади.