Ўзбекистон пойтахтида туман ҳокимиятлари раҳбарларини янгилаш жараёни давом эттирилмоқда. Сешанба куни Юнусобод ва Чилонзор туманларига янги ҳоким тайинлангани маълум бўлган эди. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг собиқ раиси Бахтиёр Абдусаматов ва Давлат рақобат қўмитаси собиқ раҳбари Даврон Ҳидоятов мос равишда уларга ҳоким этиб тайинланди.

Тошкент ҳокимияти маълумотларига кўра, яна тўртта туман (пойтахтда жами 11 та туман мавжуд) — Миробод, Яшнобод, Учтепа ва Сергелида ҳам маъмурият раҳбари ўзгартирилди.

Сергели туманига бунга қадар Тошкент ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр Раҳмонов ҳоким бўлди. Унгача пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари, Миробод туман ҳокими лавозимларида ишлаган (туманнинг аввалги ҳокими — Фурқат Мақсудходжаев).

Миробод туманига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига кирувчи Тошкент механика заводининг собиқ бошқарув раиси — бош директор лавозимида ишлаган Шуҳрат Пўлатов раҳбарлик қилади (аввалги ҳоким — Шарофиддин Қодиров).

Яшнобод туманига бунга қадар Ўзбекистон иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган Дилмурод Турдиев ҳоким бўлди (аввалги ҳоким — Фарруҳ Ҳакимов).

Учтепа туманига ўтган йилларда Мирзо Улуғбек тумани маъмуриятини бошқарган Шавкатбек Иргашев ҳоким этиб тайинланди (аввалги ҳоким — Жовдатхон Иноғомов).