Табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги таниқли олима, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Анна Ивановна Глушенкова 91 ёшида вафот этди, деб хабар қилди ЎзА.

Анна Глушенкова 1926 йил 1 августда Волгоград вилояти (Россия) Рудна туманида туғилди. 1948 йили Ўрта Осиё индустриал институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) тугатиб, ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олима қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) кафедра мудири, Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, Фанлар академияси президиуми аъзоси каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва мамлакатда табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Унинг пахта толаси ва чигитини қайта ишлаш, улардан зарур истеъмол маҳсулотлари ҳамда дори воситалари тайёрлаш бўйича илмий ишланмалари иқтисодиёт тармоқлари ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Олиманинг табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 400 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.