Тошкентнинг Чилонзор тумани ҳокими лавозимига 2014 йилдан Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш Давлат қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Даврон Ҳидоятов тайинланди. Бу хабарни шаҳар ҳокимияти сайтидаги маълумот тасдиқлади.

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996−2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004−2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни ўтказилган кенг кўламли видеоселекторли йиғилишда бир қатор амалдорларни самарасиз иши учун танқид остига олган эди. Ҳукумат бошлиғининг мажлис якунига кўра қабул қилган қарорида Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг самарасизлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 14 январда бўлиб ўтган йиғилишида топширилган вазифалар ижроси бўйича амалий комплекс чоралар кўрилмагани ҳақида сўз кетади.

Чилонзор туманининг аввалги ҳокими Тохир Мирҳидоятов 12 апрель куни Президентнинг туманга ташрифидан сўнг лавозимидан бўшатилган. У 2015 йил июндан буён мазкур мансабни эгаллаб келаётган эди.