Қўшни мамлакатлар билан мустаҳкам ва дўстона алоқаларни шакллантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор аҳамият касб этади, деди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов жума куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубда.

Қулай ташқи шароитларни яратиш нафақат халқнинг хавфсиз ва тинч ҳаёти, балки Ўзбекистон ички иқтисодиётининг барқарорлиги учун ҳам муҳим, дея қайд этди у.

«Гап Ўзбекистон атрофида ўзига хос «фаровонлик камари"ни шакллантириш ҳақида кетмоқда. Айнан шундай ёндашув асосида қўшниларимиз билан дўстона ва яқин қўшничилик алоқаларини ўрнатишдек муҳим устувор вазифа шакллантирилди», — деди Абдулазиз Камилов.

Трансчегаравий сувлардан рационал фойдаланиш ва тақсимлаш масаласида вазир Марказий Осиё давлатлари ушбу масалаларда умумминтақавий келишувга эришиши лозимлигини таъкидлади.

«Умумминтақавий келишувга эришишнинг муқобили йўқ. Юқори ва қуйида жойлашган давлатлар бор, дарёлар эса бор-йўғи иккита — Амударё ва Сирдарё. Биз шундай минтақавий келишувга эришишимиз лозимки, ҳар бир давлат ўзининг аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлсин», — дея таъкидлади ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.

Муаммоларни ҳал этиш учун баҳсли масалалар ва зарарлар компенсациясини бошқариш бўйича халқаро механизмлардан фойдаланиш мумкин. Жумладан, БМТнинг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази Сирдарё ва Амударё бўйича иккита конвенцияни минтақанинг барча давлатлари, шунингдек, АҚШ, Россия, Европа иттифоқи ва Жаҳон банкига тақдим этди. Лойиҳа ХХРга ҳам етказилиши лозим.

«Мазкур конвенциялар билан дастлабки танишув шуни кўрсатмоқдаки, мазкур мураккаб муаммоларни ечиш бўйича етарлича оқилона ёндашувлар мавжуд. Умид қиламизки, қўшниларимиз ҳам БМТ таклифига эътибор қаратишади ва биз манфаатли мулоқотни бошлашга эришамиз», — деди Абдулазиз Камилов.