2017−2020 йилларда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказлари пайдо бўлади. Уларни босқичма-босқич ташкил этиш бўйича дастур Вазирлар Маҳкамасининг 10 апрелдаги қарори билан тасдиқланди, деб хабар қилмоқда Norma.uz.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари Корея Республикаси кўмагида очилган эди. Айнан шундай лойиҳа ҳозирда Шахрисабзда амалга оширилмоқда. Корея Республикаси Урганч ва Фарғона водийсида (Қўқон ёки Фарғонада) ҳам марказ ташкил этишга кўмаклашади. Бошқа шаҳарлардаги марказлар эса бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, донор давлатлар грантлари ва халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан бунёд этилади.

Ҳар бири 240 ўринга эга марказлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва касблар бўйича бепул қайта тайёрлаш ва малака ошириш билан шуғулланади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган фуқароларни ўқитиш муддати бир йилгачани ташкил этади.

Бундан ташқари, марказлар иш излаётган шахслар, шунингдек, иш берувчилар аризаларига биноан таълим олувчи ишчи ходимлар учун малака ошириш бўйича қисқа муддатли пулли курсларни ҳам тақдим этади. Бироқ улар сони жами йиллик таълим олувчилар сонининг 15 фоизидан ортиши мумкин эмас.

Таълим олаётган ишсиз фуқаролар кўпи билан ярим йил давомида бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида стипендия билан таъминланади.