14 апрель куни Нукусда БМТТД ва Ўзгидрометнинг «Ўзбекистоннинг қурғоқчил ҳудудларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси доирасида автоматлаштирилган метеостанция очилди.

Лойиҳада Қорақалпоғистоннинг 5 та туманида 10 та метеоролик станция ва 2 та гидрологик постни модернизация қилиш кўзда тутилган. Янги ускуналар эҳтимолий қурғоқчилик ҳақида олдиндан огоҳлантириб, фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув ресурслари етишмовчилиги ҳамда ер ва яйловлар деградациясига чидамлилигини оширишга имкон беради.

Метеостанциянинг очилиш маросимида БМТ нинг давлат вакили Стефан Приснернинг қайд этишича, Ўзбекистон, хусусан унинг заиф қисми — Қорақалпоғистон иқлим ўзгаришига ўта мойил. Вақт ўтиши билан ҳаво харорати ортиб боради, бунинг оқибатида хавфли иқлим ҳодисалари юқори тезликда содир бўлишини кутиш мумкин.

«Бу ускуна онлайн режимда метеорологик ҳодисалар ҳақида маълумот йиғади ва тарқата олади. У билан мутахассислар эҳтимолий иқлим ҳодисалари ҳақида олдиндан хабар тарқата олишади», — деди Стефан Приснер. Унинг таъкидлашича, сўнгги ўн йиллик мураккаб вазифа бўлишига қарамасдан, инсон иқлимга ижобий жиҳатдан таъсир кўрсатиши мумкинлигини намоён этди.