7 апрель куни Стокгольмда теракт амалга оширгани учун Швеция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган Раҳмат Оқиловга нисбатан аввалроқ Самарқанд вилоят ИИБ томонидан очилган жиноий юзасидан тергов ўтказилмоқда. Бу ҳақда жума куни Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг биринчи йиғилишида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов маълум қилди.

Мамлакат ТИВ раҳбари қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқлади. Самарқанд вилоятидан бўлган Оқилов (1978 йилда туғилган) 2014 йилда Стокгольмга чиқиб кетган ва у ерда қурилиш объектларида ишлаган.

«Хорижда бўлиш мобайнида [у] интернет тармоғи орқали халқаро „Ислом давлати“ террористик гуруҳи эмиссарлари томонидан оғдириб олинган. Мавжуд маълумотларга кўра, ўз ватандошларини Сурияда „ИД“ томонида жанговар ҳаракатларда иштирок этишга фаол тарғиб қилиб келган. Кўп маротаба интернет-мессенжерлари орқали Ўзбекистондаги яқинларига террористик мазмундаги видеороликларни жўнатиб турган ва уларни Ўзбекистон ҳокимият, бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ходимларига қарши зўравонлик ҳаракатларини амалга оширишлари учун оғдиришга ҳаракат қилган», — деб хабар қилди вазир.

Оқиловга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127, 244 ва 244−1 моддаларида кўзда тутилган жиноятларни амалга оширганлик учун жиноий иш очилган.

Абдулазиз Камиловнинг таъкидлашича, аввалроқ Раҳмат Оқиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида махсус хизматлар линияси бўйича швед томони хабардор қилинган.