Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

Фармон «ташқи савдо алоқаларининг самарадорлигини янада ошириш, ташқи савдони либераллаштириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар билан хорижий шериклар ўртасида савдо соҳасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини шакллантириш мақсадида» қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 31 мартдаги фармони билан ягона давлат инвестицион сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишни мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланган Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилган эди.