Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти бўйлаб сафари жараёнида жума куни Имом Бухорий мақбарасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. Бу ерда у халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши лойиҳаси билан танишди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида шундай марказни очиш таклифи билан чиққан эди.

Марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади.

«Буюк мутафаккир бобомиз, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд, — деди давлат раҳбари. — Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, ўзига катта озуқа олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг калбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси ривож топади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди масъулиятини ҳис этади».

Янги марказда алломаларнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Ал-Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодлар бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш кераклиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев олимлар ва уламолар билан суҳбатда ушбу марказда тадқиқотчиларга Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш — каллиграфия бўйича мамлакатнинг етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйиш, хорижлик тадқиқотчилар учун стажировкалар таъсис этиш ҳақида сўзлади.

Учрашувда Бухородаги Мир Араб мадрасасининг ҳам қадимги мавқеини тиклаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Унинг биносини таъмирлаш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берилди.

«Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ислом тараққиёт марказини ташкил этмоқчимиз. Ушбу масканда ҳам Имом Бухорий халқаро маркази каби халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга, буюк аждодларимиз ислом таълимотига беқиёс ҳисса қўшганини аниқ мисоллар билан кўрсатиш керак», — деди давлат раҳбари.

Имом Бухорий мажмуаси атрофида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратиб, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Давлат раҳбари Махдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар қуриш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди.