Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги автомобиль йўлида 13 апрель куни содир бўлган кўчки натижасида бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди. Уларнинг иккиси ҳам кўчки вақтида қулаган Damas автомобилида бўлган, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати.

Ҳодиса 7:50 да 4Р-10 автомобиль йўлининг Боғистон посёлкаси ҳудуди бўйлаб ўтувчи 47-километрида (Чорвоқ сув омборини айланиб ўтиш йўли) содир бўлган. Ер кўчкисининг узунлиги 10−14 м, кенглиги — 10−15 м, баландлиги — 1−1,5 метр бўлган.

Ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар Боғистонда истиқомат қилган. Улар Бўстонлиқ туман касалхонасига етказилган, жабрланганлардан бири шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Ҳозирда мутасадди ташкилотлар томонидан ҳодиса жойида тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, мамлакатнинг денгиз сатҳидан 2000 метрдан баланд тоғли ҳудудларида 18 апрелга қадар сел келиш хавфи сақланиб қолади.