Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев йил охирига қадар лотин ёзувига асосланган қозоқ алфавитининг ягона стандарт вариантини қабул қилиш вазифасини топширди. Бу ҳақда «Келажакка назар: жамоатчилик онгини модернизация қилиш» мақоласида сўз боради.

«Қозоқ тилини лотин ёзувига босқичма-босқич ўтказиш учун ишларни бошлаш зарур. Биз жуда эҳтиёткор ва тактик равишда мазкур масалага етиб келдик. Бу ерда сокинлик ва босқичма-босқичлик лозим. Ва биз бутун Мустақиллик йилларида эҳтиёткорлик билан тайёргарлик кўрдик», — дейилади мақолада.

Қозоғистонда 1929 йилдан 1940 йилгача лотин алифбосидан фойдаланилган, шундан сўнг кирилл билан алмаштирилган. «Қозоқ тили алфавитининг ўзгартирилиши тарихи асосан аниқ сиёсий сабабларга кўра таърифланади», — дея таъкидлади Қозоғистон раҳбари.

2012 йил декабрида халққа «Қозоғистон-2050» анъанавий мурожаатида Нурсултон Назарбоев: «Биз 2025 йилдан ўз алфавитимизни лотинчага ўтказишимиз зарур», — деб айтиб ўтган эди.

«Шу вақтдан биз барча соҳаларда лотин алфавитига ўтишни бошлашимиз лозим. Яъни, 2025 йилга қадар иш юритиш, даврий нашрлар, ўқув дарсликлари ва бошқаларни лотинчада нашр этишимиз лозим. Ҳозир эса лотин алфавитига ўтишни бошлашга тайёргарлик кўришга киришамиз», — дейилади мақолада.

«2017 йил охиригача олимлар ва кенг жамоатчилик ёрдамида янги графикадаги қозоқ алфавитининг ягона стандарт вариантини қабул қилиш зарур. 2018 йилдан янги алфавитни ўқитиш учун кадрларни тайёрлаш ва ўрта мактаблар учун ўқув дарсликларини тайёрлаш бошланади. Яқин икки йилда зарур ташкилий ва методик ишлар амалга оширилади. Албатта, муайян даврни ўз ичига олган мослашиш вақтида кирилчада ҳам иш олиб борилади», — дейилади мақолада.