Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қирол Кубоги номи билан машҳур Thailand Invitation International Boxing Tournament халқаро мусобақасида еттита медални қўлга киритди. 3−9 апрель кунлари Бангкокда бўлиб ўтган мусобақада 18 мамлакатнинг етти нафардан боксчиси иштирок этди.

Ўзбекистоннинг барча етти вакили уч бронза, уч кумуш ва бир олтин медални қўлга киритган ҳолда тўлиқ таркибда совриндорлар қаторидан жой олди.

Фото: fb.com/100008283270067

Ярим финал босқичида Жасурбек Латипов (52 кг гача) ва Муроджон Аҳмадалиев (60 кг гача) таиландлик Танеса Онгжунт ва Сомчай Вонгсувандан мос равишда мағлубиятга учради. Шаҳобиддин Зоиров (56 кг гача) таиландлик Бутди Чатчая қаршилигини енга олмади.

Финал жангларида таиландлик Масук Вуттичайдан мағлубиятга учраган Элнур Абдураимов (64 кг гача), ҳиндистонлик Шуам Кумар Какарадан енгилган Ҳасанбой Дўсматов (49 кг гача) ҳамда қозоғистонлик Садриддин Аҳмедовдан мағлуб бўлган Шаҳрам Ғиёсов (69 кг гача) кумуш медал билан чекланди. Миллий терма жамоа мураббийи буни ўз шогирдларининг 22 апрель куни Тошкентда Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасига қарши Жаҳон бокс серияси сўнгги саралаш учрашуви арафасида таваккал қилмасликни хоҳлагани билан изоҳлади.

Исроил Мадримов эса олтин медал учун кечган жангда кубалик Озли Иглесиас Эстрадани мағлубиятга учратди.

Видео