Президент Шавкат Мирзиёев шанба куни Тошкентдаги ҳалқа темир йўли қурилиши лойиҳаси билан танишди, деб хабар қилди «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури.

Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб электропоезд ҳаракатининг йўлга қўйилиши тўғрисида илк бор Шавкат Мирзиёевнинг ноябрь ойида пойтахт сайловчилари билан ўтказилган сайловолди учрашувида маълум қилинган эди.

«Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг бош муҳандиси Ҳусниддин Ҳосилов «Ахборот» дастурига берган интервьюсида хабар қилишича, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳадан кўзланган мақсад — йўловчилар учун қулайлик яратиш, автомобиль йўлларидаги тирбандликни камайтириш ва экологик вазиятни яхшилашдан иборат.

«Ҳалқа"нинг умумий узунлиги 71,2 км (икки йўналишда йўл узунлиги 140 км дан ошади) бўлиб, линияда 26 та бекат қурилади. Биринчи босқичда темир йўлда 10 та — ҳар бир йўналишда 5 тадан таркиб ҳаракатланади. Ҳисоб-китобларга кўра, улар бутун йўлни тахминан бир соатда босиб ўтади.

Лойиҳа қиймати 265 млн долларни ташкил этиб, жумладан давлат бюджетидан 185 млн доллар, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фондидан 80 млн доллар маблағ ажратилади. Хорижий инвестициялар жалб қилиниши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Ҳусниддин Ҳосиловнинг таъкидлашича, темир йўл тармоғи автобус йўналишлари, метрополитен станциялари ва бошқа транспорт турлари билан қулай ҳолда боғланади. Унинг қўшимча қилишича, лойиҳани ишлаб чиқишда қатор хориж давлатлари тажрибалари ҳисобга олинган.

Видео