Тошкентда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари мароқли ҳордиқ чиқариб, спорт билан шуғулланиши мумкин бўлган дам олиш масканларини барпо этиш бўйича ҳукумат режасини амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.

Ана шундай янги дам олиш масканларининг одатдаги маданият ва истироҳат боғларидан фарқли жиҳатлари шундаки, уларда аттракционлар ва шовқин-суронли кўнгилочар дастурлар бўлмайди, асосий урғу қулайликка, жумладан, табиат қўйнида фаол ҳордиқ чиқаришга қаратилади.

Яқин вақтлар ичида Тошкент марказида — Шаҳрисабз ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида янги дам олиш маскани қурилиши бошлаб юборилади. Le Grande Plaza меҳмонхонаси яқинидаги 3 га дан зиёдроқ майдондаги яшил ҳудуд барча ёшдаги пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун кўнгилли дам олиш масканига айлантирилади.

Компаниядан «Газета.uz"га хабар қилинишича, дам олиш ҳудудидаги пиёдалар йўлаклари реконструкция қилинади, ноодатий кўринишдаги кўплаб ўриндиқлар, чиқинди идишлари, болалар майдончалари, кафе, ролик, скейтборд ва велосипедларда учиш учун жой пайдо бўлади.

Майсазорларда сайр қилиш ва болалар билан ўйнаш мумкин бўлади, эскирган суғориш тизимлари демонтаж қилинади. Мавжуд фаввора реконструкция қилиниб, осма фавворалар пайдо бўлади.

Боғ ҳудудида интернетга уланиш учун бепул Wi-Fi бўлиб, айрим ўриндиқлар ва ёритиш устунлари мобил қурилмаларини қувватлаш учун USB-портларга эга бўлади. Ёритиш учун қуёш батареяларидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Фото