Жума куни Тошкентдаги 155-автобус йўналишида (Гулобод кўчаси — Бахт кўли) контактсиз карталардан фойдаланилган ҳолда йўл ҳақини электрон тўлаш тизими синовдан ўтказилмоқда. Тизим синови якунланганидан сўнг 155-йўналишдаги барча автобусларга, сўнгра хусусий «Автосантранс» корхонаси хизмат кўрсатаётган иккита бошқа йўналиш: шаҳар ичидаги 152- ва шаҳар атрофидаги 485-йўналишларга тадбиқ этилади. Келгусида бошқа автобус парклари, жумладан йўналишли таксиларда ҳам тизимни жорий этиш режалаштирилган.

Контактсиз тўловларни қабул қилиш учун қурилма прототипи.

«Лойиҳада тизимга уланган барча йўналишлар ҳамда мос равишда барча транспорт турларида фойдаланиш мумкин бўлган ягона транспорт картасини жорий этиш кўзда тутилган. Карталарга улар эгалари тўғрисида маълумотлар киритилиши режалаштирилган бўлиб, бу йўловчилар оқими ва талаб юқори бўлган йўналишлар ҳисобини аниқлик билан юритиш ҳамда уларни оптималлаштиришга имкон беради», — деди тизимни ишлаб чиққан VIA Tashkent компанияси директори Мурод Обидов «Газета.uz"га.

Контактсиз карта ва чоп этилган чипта.

Салоннинг олд қисмига ўрнатилган NFC-валидатор — маҳаллий Mikroelektronika PLUS компанияси ишланмаси — бир лаҳзада карта эгаси маълумотларини ҳисобга олиб, йўл ҳақини ҳисоб рақамидан ечиб олади. Ускуна мобил алоқа ёрдамида мунтазам равишда ягона маълумотлар базаси билан боғланиб туради.

У шундай ўрнатилганки, алоқанинг узлуксиз бўлишини талаб қилмайди, деди Mikroelektronika PLUS директори Сарварбек Раҳимбеков.

Смартфон ёрдамида тўлов.

Йўл ҳақини NFC технологиясини қўллаб-қувватловчи смартфонлар ёрдамида ҳам амалга оширса бўлади. Фойдаланувчилар бепул иловани ўрнатишлари лозим бўлади. Фойдаланувчи рўйхатдан ўтгандан сўнг ўз сафарлари, ҳисобини тўлдириш ва пул ечиб олишлари тарихини кузатиб бориши мумкин. Шахсий маълумотлар йўловчиларнинг турли тоифаларига (мактаб ўқувчилари, талабалар ва пенсионерлар) имтиёзлар бериш учун ҳам зарур — буларнинг барчаси дастурга киритилади.

Валидатор прототипи. Қурилманинг якуний кўриниши янада ихчамроқ бўлади.