Халқаро пресс-клуб (ХПК) нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди. Клубга гувоҳнома топширишга бағишланган маросим 7 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтди.

Сенаторлар, депутатлар, олимлар, давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгаши қарори билан Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети кафедра мудири Шерзод Қудратхўжаев ХПК раиси этиб сайланди.

Клуб давлат ташкилотлари вакиллари жамоатчиликни ўз маҳкамалари фаолияти натижалари ахборот бериш ҳамда савол ва таклифларни қабул қилиб олишлари учун платформа вазифасини бажаради. Бу ерда давлат органлари вакиллари, эксперт жамоатчилиги ва ОАВ ўртасида долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва улар ечимини топишга қаратилган очиқ мулоқотлар бўлиб ўтади.

ХПК фаолияти мамлакат ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборотларни етказиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Пресс-клуб формати ўтган йил сўнгида Президент сайловларига тайёргарлик жараёнида муваффақиятли синовдан ўтказилган эди. Бу вақт мобайнида Elections.uz-2016 пресс-клубида 400 нафар эксперт ва 600 ОАВ вакили иштирокида 12 сессия ўтказилди.