Тошкент фуқароларининг совуқ ва иссиқ сув таъминоти ҳамда иситиш хизматларидан қарздорлиги 1 апрель ҳолатига кўра 114 млрд сўмни ташкил этди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимиятида чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда «Тошиссиққуввати» ва «Сувсоз» корхоналари вакиллари маълум қилди.
«Тошиссиққуввати» бош директори Баҳром Қурбонбековнинг сўзларига кўра, Тошкент аҳолисининг иссиқ сув ва иситиш хизматидан қарздорлиги 96 млрд сўмни ташкил этади. Ўтган йилги маълумот билан таққосланганда, бу кўрсаткич 8 фоизга камайган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг «Сувсоз» олдидаги қарздорлиги эса 18 млрд сўмни ташкил этади, деди корхона раҳбари Хусниддин Маҳкамов. Аҳолига етказиб берилаётган совуқ сув ҳажми ҳар ойда 6 млрд, саноат объектларига — 7 млрд сўмни ташкил этади.
Ташкилотлар раҳбарлари коммунал хизматлар учун ўз вақтида амалга оширилмаган тўловлар сув қувурларини таъмирлаш билан боғлиқ ишларнинг режа асосида бажарилмаслига олиб келишини таъкидлади.
Хусниддин Маҳкамов берган маълумотга кўра, Ўзбекистон пойтахтида ичимлик суви аҳолига етказилишдан аввал тозалашнинг 22 босқичидан ўтказилади.