Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти вакиллари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ҳодисалардан сўнг Тошкент метрополитенининг барча бекатларига ташриф буюриб, мавжуд хавфсизлик тизими ҳамда ходимлар фаолияти самарадорлигини шахсан кўздан кечирди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган ҳафталик брифингда Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди.

ИИББ қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулазиз Тошев сўзларига кўра, метрополитен хавфсизлик хизмати бекатларнинг ўзига хослиги ва гавжумлигидан келиб чиққан ҳолда ходимлар билан кучайтирилган. Унинг хабар қилишича, пойтахт ҳокимияти билан биргаликда ромли металл аниқлаш ускуналарни харид қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда, бироқ муддатлар ҳозирча маълум эмас.