Халқаро олимпия қўмитаси 2008 ва 2012 йиллардаги Олимпия ўйинлари допинг-намуналарини қайта текширувдан ўтказганидан сўнг эркин курашчи Артур Таймазовнинг Пекиндаги Ўйинларда қўлга киритган олтин медалини бекор қилди. Мазкур маълумот ХОҚ матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Ўтган йилнинг августидаёқ 120 кг гача вазн тоифасида Олимпиада-2008 мукофотлари бекор қилиниши тўғрисида хабар қилинган эди. Эндиликда ХОҚ допинг-намунада тақиқланган туринабол ва станозолол моддалари мавжудлигини расман тасдиқлади. Ўзбекистон номидан кураш олиб борган Артур Таймазов 2012 йили Лондон, 2004 йил Афинада бўлиб ўтган Ўйинлар чемпиони, 2000 йил Сиднейда ўтган ОЎ кумуш медали соҳибидир.

Аввалроқ ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев ҳам ОЎ кумуш медалидан маҳрум этилгани хабар қилинган эди.