Ўзбекистон ҳамда Россия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин чоршанба куни Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида «Нукус ҳазинаси» кўргазмасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар қилди.

Экспозицияда Ўзбекистондаги йирик музейлардан бири — Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейидан ўрин олган 250 дан зиёд графика, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва амалий санъат намуналари, турли археологик топилмалар, этнография буюмлари, қадимий суратлар, тарихий ҳужжатлар намойишга қўйилган. Кўргазма 10 майга қадар давом этади.

Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи 1966 йилда Нукусда Игорь Савицкий ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда Роберт Фальк, Любовь Попова, Иван Кудряшов, Климент Редько, Александр Волков, Александр Николаев сингари рус авангардчиларининг 44 мингдан зиёд графика, ранг-тасвир намуналари сақланмоқда.