Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Колумбия Президенти Хуан Мануэл Сантос Калдеронга Путумаё провинциясида кенг кўламли табиий офатлар оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлиши ва вайронагарчилик муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари ўз мактубида бутун Колумбия халқига, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳатланганларга ҳамдардлик ва далда сўзларини етказишни сўради.

Сурункали ёғингарчиликлардан сўнг қирғоғидан тошган Мокоа, Сангояко ва Мулатом дарёлари Колумбиянинг Мокоа шаҳрида сел оқимларини келтириб чиқарди. 6 апрель куни вафот этганлар сони 300 нафардан ошди, шаҳарда сув, электр энергияси ва газ таъминоти бузилган.