Москвада давлат ташрифи билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Ўзбекистон Россиянинг энг ишончли ҳамкорларидан бири, — деди Дмитрий Медведев. — Икки давлат турли соҳаларда ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Сизнинг ташрифингиз давомида жуда катта лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. Мен ташрифингиз самарали бўлади ва икки дўст давлатнинг ҳамкорлигида янги саҳифа очилади, деб ишонаман».

Ўзбекистон Президенти ҳам ушбу ташриф ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.

У Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан чуқур ҳамдардлигини билдирди. «Терроризм — чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим, — деди Шавкат Мирзиёев».