Одилжон Тожиев Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси этиб сайланди, деб хабар қилинди ҳаракат сайтида. Мазкур қарор кенгашнинг 5 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинди.

Одилжон Тожиев (1984 йилда туғилган) — Тошкент ислом университети битирувчиси (2006 йил), мутахассислиги — ҳуқуқшунос. 2014−2015 йилларда ҳаракатнинг Тошкент вилояти кенгаши раиси сифатида фаолият олиб борган, 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.

«Камолот"нинг аввалги етакчиси Баҳодир Ғаниев январь ойи сўнгида Президент Девонининг ёшлар масалалари бўйича сектори раҳбари этиб тайинланди. Ҳаракатга эса «Камолот» раисининг ўринбосари, «Камалак» болалар ташкилоти раиси Сарвар Ашуров вақтинча раҳбарлик қилди.