Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни Москвага келди, деб хабар қилди ЎзА. «Внуково-2» аэропортида давлат раҳбарини Россия ҳукумати аъзолари кутиб олди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 5 апрелга белгиланган бўлиб, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Мамлакат Президентининг давлат ташрифи чоғида икки давлат Президентларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши мўлжалланган.

Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида 3 апрель куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Икки давлат ваколатли вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 16 та икки томонлама битим, шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзолади.