7 апрель куни Тошкентда МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ТИВК) навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда сешанба куни Тошкентда ўтказилган брифингда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Носиров маълум қилди.

Йиғилишда Арманистон ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларусдан — Владимир Макей, Қирғизистондан — Эрлан Абдилдаев, Қозоғистондан — Кайрат Абдрахманов, Россиядан — Сергей Лавров, Тожикистондан — Сироджидин Аслов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев Ҳамдўстлик ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этишни расман тасдиқлаган.

МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг бўлажак йиғилиши кун тартибидан 16 та ҳужжат лойиҳаси жой олган бўлиб, улардан 10 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашига киритиш учун тасдиқланиши режалаштирилган. Мазкур ҳужжатлар лойиҳалари МДҲ давлатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар, хавфсизликни таъминлаш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлиги масалаларини қамраб олади.

Вазирларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек МДҲ иштирокчи давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашга оид долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишлари режалаштирилган.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши Ҳамдўстлик ҳукуматлари кенгаши ва Давлат раҳбарлари кенгашининг бир йилда икки маротаба ўтказиладиган йиғилишларига тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади.