Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4−5 апрель кунлари давлат ташрифи билан Россияда бўлади, деб хабар қилди ЎзА.

Россия раҳбарияти билан учрашув ва музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли масалалар, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинади.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича икки давлат Президентларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши режалаштирилган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон — Россия муносабатларини изчиллик билан ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар, тижорат шартномалари ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган, дейилади хабарда.