Uzbek Tigers бокс клуби Жаҳон бокс серияси 5-тури доирасида Astana Arlans жамоаси устидан ғалаба қозонди. Шанба куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашув 4−1 ҳисоби билан якунланди.

Учрашувнинг биринчи жангида 64 кг гача вазн тоифасида 2013 йилги жаҳон чемпиони бронза медали соҳиби ва тўрт карра Ўзбекистон чемпиони Элнур Абдураимов (6−2) мазкур мавсумда Қозоғистон клубида дебютини ўтказган Дилмурат Мижитовни (1−2) 5 раунд якунига кўра 3:0 (50/45, 49/46, 48/47) ҳисобида мағлуб этди.

56 кг гача вазн тоифасида мағлубиятсиз одимлаётган Абдулхай Шораҳматов (6−0) Осиё ўйинлари чемпиони Иляс Сулеймановдан (3−3) 3:0 (48/47, 48/47, 50/45) ҳисобида устун келди.

75 кг гача вазн тоифасида Исроил Мадримов (2−0) ҳам Сапарбай Айдаров (1−1) устидан ишончли ғалабага эришди. Ҳисоб — 3:0 (50/44, 50/44, 49/45).

91 кг гача вазн тоифасида Антон Пинчукка қарши рингга кўтарилган Зуҳриддин Маҳкамов (1−1) эса жангни ўз фойдасига якунлай олмади. Ўзбекистонлик боксчи 0:3 (45/50, 45/50, 46/49) ҳисобида мағлубиятни қабул қилиб олди.

Учрашувнинг асосий жангида 2016 йилги Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (13−0) қозоғистонлик тажрибали рақиби Темиртас Жусуповни (8−5) иккинчи беллашувда ҳам мағлуб этди. Бу сафар ҳам андижонлик спортчи устун келди — 3:0 (50/45, 49/46, 49/46).

Беш турдан сўнг «Ўзбек арслонлари» 9 очко билан «С» гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Мусобақанинг чорак финалини нақд қилган Astana Arlans (12 очко) жамоаси гуруҳдаги етакчиликни сақлаб қолди. Учинчи ва тўртинчи ўринларни Россиянинг Patriot Boxing Team (4 очко) ва Хитойннинг China Dragons (3 очко) жамоаси банд этган.

WSB саралаш босқичидаги сўнгги учрашувда Uzbek Tigers боксчилари 22 апрель куни Россиянинг Patriot Boxing Team жамоаси билан беллашади.