АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклади.

«Америка халқи номидан Сизни, оилангизни ва бутун Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклаш, бахт-саодат ва фаровонлик тилаш менга катта мамнуният бағишлайди. Ушбу янгиланиш ва уйғониш айёмини Сизлар билан бирга кўплаб америкаликлар ҳам нишонлайди», — дейилади ЎзА эълон қилган табрик матнида.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиздан сўнг Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тараққиёт жараёни бизни ҳам мамнун этмоқда», — деб таъкидлади АҚШ Президенти.

Шавкат Мирзиёев жавоб мактубида унинг шахсий муносабатини юксак қадрлашини таъкидлаб, «Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатларимиз бизнес доираларининг яқин алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман», деди.

«Ўзбекистон билан Американинг стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, айниқса, минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар бўйича ёндашувларимизнинг муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман», — дея қайд этди Ўзбекистон Президенти.

«Биз амалга ошираётган чуқур ва кенг кўламли ислоҳотларни юксак эътироф этганингиз учун Сиздан миннатдорман. Биз фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва аҳоли ҳаёт даражасини тубдан ошириш бўйича танлаган йўлимизни қатъий ва изчил давом эттирамиз», — дейилади мактубда.