Тошкентда 30 март куни Хитой Халқ Республикаси раислиги остида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий антитеррор тузилмаси кенгашининг (ШҲТ МАТК) навбатдаги 30-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати. Унда Россия, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳамда ШҲТ МАТК Ижроия кенгаши вакиллари иштирок этди.

Хабарда қайд этилишича, Экстремизмга қарши кураш бўйича ШҲТ Конвенцияси лойиҳаси тасдиқланди. Учрашувлар жараёнида 2017 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг ҳамкорликдаги антитеррор ўқув машғулотлари, чегара операциялари ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ва ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар ўртасида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича Бешинчи илмий-амалий конференция ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

Кенгаш ташкилий, ШҲТ МАТК Ижроия қўмитаси фаолиятини молиявий таъминлаш ҳамда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини шакллантириш масалалари бўйича қатор қарорларни қабул қилди.

ШҲТ МАТКнинг навбатдаги йиғилишини 2017 йил сентябрида Хитой Халқ Республикасида ўтказиш тўғрисидаги келишувга эришилди.