Uzbek Tigers бокс жамоачи Жаҳон бокс серияси 5-тур доирасида Қозоғистоннинг Astana Arlans клуби билан учрашув ўтказади. Беллашувлар 1 апрель куни пойтахтдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоалар таркиби эълон қилиниб, вазн тортиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон номидан жангларда Ҳасанбой Дўсматов (12−0), Абдулҳай Шораҳматов (5−0), Элнур Абдураимов (5−2), Исроил Мадримов (1−0) ва Зуҳриддин Маҳкамов (1−0) қатнашади. Катта мураббий Тўлқин Қиличев, мураббийлар Раҳматжон Рўзиоҳунов ва Равшан Хўжаев боксчиларни рингга олиб чиқади.

Қозоғистон номидан бош мураббий Нурлан Акурпеков раҳбарлиги остида Темиртас Жусупов (8−4), Ильяс Сулейменов (3−2), Дилмурат Мижитов (1−1), Сапарбай Айдаров (1−0) ва Антон Пинчук (2−0) рингга чиқади.

«Ўзбек арслонлари» уч турдан сўнг 6 очко тўплаган ҳолда «С» гуруҳида иккинчи ўринни банд этиб турибди. Astana Arlans юз фоизлик натижа (12 очко) билан етакчилик қилаётган бўлса, Россиянинг Patriot Boxing Team (4 очко) ва Хитойнинг China Dragons (3 очко) жамоалари кейинги ўринларни банд этган.

Қозоғистон жамоаси билан кечган биринчи учрашув «Остона бўрилари» фойдасига 4:1 билан якунланган эди.

Фото (Жуфтликлар таркиби)

49 кг. Ҳасанбой Дўсматов — Темиртас Жусупов;

56 кг. Абдулхай Шораҳматов — Ильяс Сулейменов;

64 кг. Элнур Абдураимов — Дильмурат Мижитов;

75 кг. Исроил Мадримов — Сапарбай Айдаров;

91 кг. Зуҳриддин Маҳкамов — Антон Пинчук.