Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шодмонов ҳамда Вероника Скворцова сешанба куни Москвада учрашди. Учрашув бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг РФга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, томонлар врачлик амалиётига телемедицина технологияларини жорий этиш бўйича фикр алмашиб, тиббиёт фани ва таълими масалаларида тизимли ҳамкорликни ўрнатиш зарурлигини қайд этишди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Россия тиббий ва илмий муассасалари ўртасида мавжуд 10 ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага қўшимча равишда яна 8 таси имзоланиши режалаштирмоқда.

Вероника Скворцова Алишер Шодмоновни Москвада бўлиб ўтадиган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сил бўйича Биринчи глобал вазирлик анжуманига таклиф этди.