29 март куни Парижда Марказий Осиёнинг беш мамлакати ҳамда Франция ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилик қилди.

Музокаралар Франция билан Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилди.

«Илк бор Франция ва Марказий Осиё шерик мамлакатлари бундай форматда учрашмоқда. Шундай қилиб биз мазкур минтақа билан ўз мулоқотимизнинг янги босқичини очиш истагини билдирдик», — деди Франция ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири Жан-Марк Эро учрашув якуни бўйича.

Учрашув иштирокчилари турли соҳаларда ўзаро алоқалар истиқболлари, халқаро масалалар, жумладан, терроризмга қарши кураш бўйича фикр алмашди.

Ўзбекистон ТИВ маълумотларига кўра, худди шу куни Абдулазиз Камилов Жан-Марк Эро билан учрашиб, музокаралар якуни якунида вазирлар томонидан Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017−2018 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Абдулазиз Камилов Францияга сафари жараёнида Француз тадбиркорлари ҳаракати MEDEF International бош директори Филипп Готье ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) бош директори Реми Риу билан ҳам учрашди.