Олий Мажлис Сенати 28 март куни тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонунни тасдиқлади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилди.

Асосий қонунга тузатишлар Президентнинг 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига ҳамда 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ киритилмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилмоқда. Ушбу тузатишларга мувофиқ Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига — Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилмоқда.

Мазкур конституциявий тузатишларга мувофиқ суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Сенаторлар қайд этганларидек, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий, маъмурий судларини, шунингдек, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини ҳамда туман, шаҳар маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади.

Асосий қонунга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида янги институт — Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши жорий этилмоқда. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясини алмаштириши лозим.

Судьялар олий кенгаши тузилиши муносабати билан Ўзбекистон Конституцияси 111-моддасининг янги таҳририда Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми аниқ мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланади ва Ўзбекистон суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда. Кенгаш раиси Ўзбекистон Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан тайинланиши (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 80-моддасининг 4-банди), Судьялар олий кенгаши аъзолари қонунга мувофиқ давлат раҳбари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги, «Судлар тўғрисида"ги қонун, Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунларни ҳам тасдиқлади.