Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафари доирасида сешанба куни Навоий давлат кончилик институтига ташриф буюрди. Бу ерда Ауминзо-Амантой олтин конлари негизида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-гидрометаллургия заводи қурилишининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар қилди ЎзА.

2017−2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Президент Ауминзо-Амантой олтин конларида ўзлаштиришни бошлаш учун рамзий тугмани босди. Тадбирни видеоконференция орқали Томди туманида, 5-гидрометаллургия заводи бунёд этиладиган ҳудудда кузатиб турган комбинат мутахассислари конни портлатди. Давлат раҳбари янги завод улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев шу ерда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш борасидаги лойиҳалар билан ҳам танишди. Академиянинг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновация илмий-тадқиқотларини олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида 5 илмий лаборатория иш олиб боради.

Жорий йилнинг учинчи чорагида иш бошлайдиган илмий марказ фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга, Навоий давлат кончилик институтида юқори малакали кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшади.

«Саноат ривожи учун илм, инновация сув ва ҳаводек керак, — деди Президент. — Бу ерда Фанлар академиясининг бўлимини ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этди. Бундан мақсад илмга асосланиб маҳсулотларнинг таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини оширишдир. Шу боис тадқиқотларни замон талаблари асосида ташкил этиш, лаборатория ишларини такомиллаштириш зарур. Барча изланишлар истиқболга йўналтирилган бўлиши лозим».

Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга ошириладиган лойиҳаларни кўздан кечирди. 2017−2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Пистали конини ўзлаштириш ва 6-гидрометаллургия заводини қуриш, 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг 5-навбати, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва бошқа лойиҳалар ҳам намойиш этилди.