Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.
Ҳужжат республикани жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, мамлакат тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиёт ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида қабул қилинди.
Аввалроқ Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилган эди.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида давлат арбоби ва ёзувчи хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилади ва ҳайкали ўрнатилади.
Фуқаролар, айниқса, ёш авлодни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейи ташкил этилиб, музей ҳудуди ободонлаштирилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг «Сайланма» китоби, Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли хотира китоби чоп этилади. Шунингдек, Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилади.
«Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни» мавзусида илмий конференция ўтказиш, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида хотира тадбирлари ташкил этиш режалаштирилган.
Ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказиш тадбирлари ўтказилади.
Рисолат Хайдарова
Сўнгги ўн йилликда бу ажойиб инсоннинг номи расман тилга олинмаган, советларнинг сўнгги йилларида қораланган бўлса-да, шу йиллар ичида унинг номи яшади, фақат биз бунга кўп ҳам эътибор бермаганмиз. Масалан, “Ёр-ёр“, “Чинор остидаги дуэль“ фильмларини эсласангиз керак. “Ёр-ёр“да бош қаҳрамон (Бахтиёр Ихтиёров) машинада севгилисини излаб кетаётиб от чоптириб кетаётган атлас кўйлакли, сочини чамбарак қилиб олган қизларни кўради. Кадр ортидан эса “Дугоналар“ қўшиғи янграйди. “Чинор остидаги дуэль“ фильмида эса бош қаҳрамон самолётда Форишга кетаётганда кадр ортидан “Садо“ гуруҳининг “Ёр келур“ қўшиғи берилади. Кадрда эса Форишнинг гўзал табиати.. Бу икки қўшиқ Шароф Рашидов шеърларига басталанган.
Нормуратбой Хамраев
Ҳақиқатдан ҳам у киши оғир вазиятда юртимиз ва халқимиз келажаги учун хизмат қилган инсон эдилар. Шу пайтларда марказдан ўзбекни ҳақини айириб, талаб қилиб халқимизга етказган инсон эдилар. Муҳтрам Юртбошимизни таниқли жамоат, давлат ва сиёсат арбоби ҳамда ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарорлари у киши хотираларига халқимизни ҳурмати ва иззати ифодасидир.