Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 март куни Қорақалпоғистон ва Хоразмда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун «қўшимча қулай шароитлар» яратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат ҳуддудда «иқтисодиётни жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янада қулай шароитлар яратиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш"га йўналтирилган.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда рўйхатга олинган ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар ўзлари ишлаб чиқараётган саноат товарларини экспорт қилиш қисмида валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилди (Президентнинг 1997 йил 10 октябрдаги фармони иловасига киритилган хом ашё товарлари бундан мустасно).

Фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йил 1 апрелдан 2022 йил 1 январгача мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Ҳисоб йили натижалари бўйича сотувнинг умумий ҳажмида ушбу маҳсулотларни сотишдан тушадиган соф тушумнинг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган миқдорни ташкил этувчи юридик шахслар ана шундай юридик шахслар жумласига киради.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга Қорақалпоғистон ва Хоразмда рўйхатдан ўтган ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошираётган экспортёр юридик шахслар учун республика доирасида ички юк ташишга амалдаги тариф ставкалари бўйича юкларни Ўзбекистон Давлат чегараларигача етказиб беришга темир йўл тарифларини қўллаш топширилди.