24 март куни пойтахтдаги Ёшлар ижод саройида «Менинг Ватаним — менинг фахрим» шиори остида Халқаро IYS-2017 ёшлар саммити иш бошлади. Тадбирда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 400 нафардан зиёд ёшлар ҳамда 30 нафар хорижий вакил иштирок этмоқда.

Ўтган йилги съезд мувафаққиятли якунланганидан сўнг 1000 нафардан зиёд абитуриентлар, ўқувчилар ва талабалардан иборат иқтидорли ёшлар IYS-2017 саммитида иштирок этишга тайёр эканини билдирган эди. Онлайн сўровномадан сўнг 400 нафар ёш танлаб олинди. Уч кун давомида улар ёшлар саломатлигини сақлаш, муҳандислик ва ахборот технологиялар, ёшларнинг жамият, иқтисодиёт ва бизнесдаги роли, хорижий тиллар ва медиа йўналишларида суб-конференциялар иштирокчисига айланади.

Масалан, муҳандислик ва ахборот технологияларига бағишланган анжуманда IT-билимларни ошириш ва бюджет маблағлари талаб қилинмайдиган «тенгдош-тенгдошга» шаклидаги курсларни очиш масалалари муҳокама қилинади. Шундан сўнг ёшлар янги ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришади. Уларнинг энг яхшилари эса ҳаётга татбиқ этилади.

IYS саммитидан кўзланган асосий мақсад — мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўша оладиган кўнгиллиларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Биринчи ёшлар саммити натижасида YLDP Summer School (Ёш етакчиларнинг ёзги мактаби), Plov4Love (Палов фестивали), Back2Reality (Оилавий спорт эстафетаси) кабилар Young Leaders Development Project (YLDP) — Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси кўмагида йил давомида амалга оширилди.

Мазкур тадбир ва YLDP лойиҳаси Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси (UzTEA), Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ташаббуси бўлиб, тадбиркорлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

IYS лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти билан қўллаб-қувватланмоқда.

Фото