Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги бош вазири Тереза Мейга Лондон шаҳрида содир этилган террорчилик хуружи оқибатида инсонлар нобуд бўлгани муносабати билан самимий таъзия изҳор этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказди ҳамда барча жароҳат олганларнинг тез орада соғайишини тилади.

Чоршанба куни Лондондаги Вестминстер кўприги ва парламент биноси ҳудудида жиноятчи автомобилда бир неча кишини босиб, сўнгра парламент биносига киришга ҳаракат қилган эди. Уни тўхтатишга уринган вақтда полициячига пичоқ санчиб, ҳаётига зомин бўлди. Террорист бошқа полициячи томонидан отиб ўлдирилди.

Теракт натижасида 4 киши ҳалок бўлди, 50 киши жароҳатланди. Ҳужум қилган шахс 52 ёшли британиялик Ҳолид Масуд бўлиб чиқди.