17−23 март кунлари Тошкентдаги чорраҳаларга ўрнатилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини қайд этишнинг автоматлашган тизимлари томонидан 29 мингдан зиёд қоидабузарлик қайд этилди. Бу ҳақда пайшанба куни пойтахт ИИББда бўлиб ўтган брифингда хабар қилинди.

Светофорнинг тақиқловчи хабарида ҳаракатланиш билан боғлиқ 16 мингдан зиёд, тезликни ошириш билан боғлиқ 13 мингдан зиёд қоидабузарликлар аниқланган. Шаҳарнинг 115 та чорраҳасида кечаю кундуз 883 та кузатиш камераси ишламоқда.

Фото ва видео қайд этиш тизимининг ишга туширилиши йўллардаги қоидабузарликлар сонининг кескин камайишга олиб келди, дея таъкидлади ИИББ ЙҲХБ вакили. Тошкент аҳолиси ҳам ҳайдовчиларнинг эҳтиёткор ва тартиблироқ бўлгани тўғрисида сўзламоқда.

Статистикага кўра, тизим ишга туширилишидан бир кун аввал 24 соат давомида 8000 дан зиёд қоидабузарлик қайд этилган бўлса, 22 мартда улар сони 2000 тани, яъни тўрт баробар камроқни ташкил этди.

Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам икки баробарга камайган. Ҳисобот ҳафтаси давомида 14 та ЙТҲ содир бўлиб, улардан бирида инсон ўлими қайд этилган. 10−16 март кунлари эса бу кўрсаткич мос равишда 27 та 3 нафарни ташкил этган эди.