14−22 март кунлари Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари иштирокида Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкентда очиқ мулоқот тарзида сайёр қабуллар ўтказилди.

Хизматдан хабар қилинишича, ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад фуқаролар томонидан ўртага қўйилаётган муаммоларни жойида кўриб чиқиш ва уларни қонунда белгиланган тартибда ҳал этишдан иборат бўлди. Очиқ мулоқотлар 14−15 март кунлари Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Деҳқонобод, Чироқчи туманлари ҳамда Қарши шаҳрида; 18 мартда Тошкент шаҳрида; 19 ва 22 март кунлари Тошкент вилоятининг Бўка ва Бўстонлиқ туманларида ўтказилди.

Учрашувларда Президентнинг Виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига шикоят ва аризалар билан мурожаат этган 3 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, улар Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Президент девони хизмати раҳбари Турсинхан Худайбергенов, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарларига ўзларини қийнаб келаётган турли муаммо ва масалалар юзасидан бевосита мурожаат этиш имконига эга бўлди.

Сайёр қабуллар давомида аҳолидан уй-жой, ер масалалари, намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлардан олиш, суд-ҳуқуқ масалалари, кредит, бандлик, коммунал хизматлар, тадбиркорлик, моддий ёрдам, бепул ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича энг кўп марожаатлар тушди. Тадбирларда мурожаатларнинг аксарият қисми шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди, қолганлари бўйича туман, шаҳар ва вилоят мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Учрашувларда барча даражадаги раҳбарлар халқ ташвиши билан яшаши лозимлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш улар фаолиятининг асосий мезони бўлиши кераклиги, улар фуқаролар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг юрагига, кўнглига кириб бориб, кўтарилаётган масалани чуқур ўрганиб, қонун доирасида қисқа муддатда ҳал қилиши кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Қайд этиш жоизки, Президент девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати Фейсбукда ўзининг «Халқ билан мулоқот / Диалог с народом» гуруҳи очган.