Ўзбекистон 2017 йилда Қозоғистонга 560 минг тонна ёки 410 млн долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Ўтган йили Қозоғистонга 307 млн долларлик 482,6 минг тонна мева, сабзавот, полиз, узум, дуккакли ва қуритилган маҳсулотларни экспорт қилган эди. Бу 2015 йилга нисбатан 89,6 минг тонна ёки 23 фоиз кўпроқ демакдир.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида қўшни мамлакатга 22 минг тоннадан зиёдроқ (15,9 млн доллардан ошиқ) ҳажмда янги ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Бундан ташқари, 3,35 млн долларлик шарбатлар, жемлар, яхна ичимликлар ва консерваланган маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонда бўлиб ўтаётган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмасида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» корхоналарида ишлаб чиқарилган 300 дан зиёд номдаги янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, қандолат, гўшт-сут маҳсулотлари, ичимликлар тақдим этилмоқда.

«Ўзагроэкспорт» ихтисослашган ташқи савдо компанияси Қозоғистонда учта савдо уйини ташкил этди — «Узагроэкспорт-Казахстан», «А-Фруктс» (Чимкент) ва «Марказий Осиё СУ» (Остона). Улар билан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 40 млн доллардан зиёд қийматдаги 10 та шартнома имзоланди.