Президент Шавкат Мирзиёевнинг Остонага давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон-Қозоғистон музокаралари якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

«Казинформ» агентлигининг хабар қилишича, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва Аскар Мамин Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, 2017−2019 йилларда иқтисодий ҳамкорлик стратегияси, шунингдек, Икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги келишувга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги протоколни имзолади.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва Қозоғистон инвестициялар ва ривожланиш вазири Женис Касимбек Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги протоколни имзолади.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари Абдулазиз Камилов ва Кайрат Абдрахманов икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Ҳамкорлик дастурини имзолади.

Мудофаа вазирлари Қобул Бердиев ва Сакен Жасузаков икки давлат ўртасида Ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга имзо чекди.