«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси корхоналарининг ҳаракатланадиган таркиб парки 2020 йилга қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг 835 та автобуси билан тўлдирилади. Жумладан, MAN Avto-Uzbekistan қўшма корхонасининг сиқилган газда ҳаракатланувчи 320 та катта сиғимли MAN автобуси ҳамда Самарқанд автозаводи ишлаб чиқарган 515 дона Isuzu автобуси сотиб олинади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг 11 мартда қабул қилинган «Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжат фақатгина автомобиль транспорти — автобуслар ва йўналишли таксиларга тааллуқли.

Қарор асосида тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2017 йилда пойтахт йўналишларида 50 та MAN ва 140 та Isuzu, 2018 йилда мос равишда — 70 ва 175, 2019 йилда — 190 ва 200 дона автобуслар ҳаракатланади. Келгуси йилда 30 та шаҳарлараро йўналишларда қатновчи MAN харид қилинади.

Қарорда шаҳар йўловчи транспортининг мавжуд йўналишлар тармоғини такомиллаштириш ва янги йўналишларни очиш ҳам белгиланган. Жумладан, 77 та автобус йўналишида трассада ҳаракатланиш қисқартирилади, 4 тасида у ўзгартирилади ва 4 тасида — узайтирилиб, 5 та янги йўналиш очилади ва 2 таси ёпилади. 8 та шаҳар атрофидаги йўналиш бўйича трассада ҳаракатланиш қисқартирилади.

Саккизта йўналишда Mercedes-Benz машиналари Isuzu билан алмаштирилади. 5-автобус паркининг саккизта йўналиши 1- ва 2-паркларга берилишиб, 5-парк ҳудудида таъмирлаш базаси ташкил этилади.

33 та йўналишли такси линияларида микроавтобусларни такомиллашган ва замонавий русумдагилари билан алмаштириш режалаштирилмоқда. «Машрутка"ларнинг еттита линияси ёпилиб, тўққизтаси қисқартирилади, саккизтасида эса ҳаракат чизмаси ўзгартирилади.

1 июлга қадар метрополитеннинг «Пахтакор», «Беруний» ва «Олмазор» бекатлари, йил охиригача «Дўстлик» ва «Чорсу», 2019 йилда янги «Туркистон» станцияси яқинидаги автобус ва йўналишли таксиларнинг охирги тўхташ пунктларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб шаҳар атрофи йўналишларининг охирги тўхташ пунктларини олиб ташлаш белгиланган.

Транспорт ҳаракатини GPS-мониторинг қилиш тизимини ривожлантириш давом эттирилади. Икки ойлик муддат ичида Тошкент йўловчи транспортида йўл кирани тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиши лозим.

Бундан ташқари, йил охирига қадар 2030 йилгача Тошкент йўловчи транспортини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши лозим.