Хавфсизлик муаммоси барқарор иқтисодий тараққиёт ва одамларни ташвишга солаётган муаммоларнинг ҳал этилишига тўғридан-тўғри боғлиқ. Остонага давлат ташрифини амалга ошириш арафасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Казинформ» агентлигига берган интервьюсида ушбу мулоҳазаларни ўртага ташлади.

«Терроризм ва радикализм каби ҳолатларга қарши кураш ўз ичига нафақат хавфсизлик чораларни жадаллаштириш, балки барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш, тадбиркорликни эркинлаштириш ва инсонлар эҳтиёжларини қондириш масалаларини ҳам ўз ичига олиши даркор. Бу хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш сари биринчи қадам», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
«Мамлакатимизнинг минтақавий сиёсати ва қўшнилар билан муносабатларини жадаллаштириш ҳақида гапирганимизда, Ўзбекистон билан умумий чегараларга эга Афғонистон ҳам назарда тутилади. Барчамиз тушунамизки, Афғонистонда Марказий Осиё учун муайян чақириқлар мавжуд. Шу сабабли, табиийки, Ўзбекистон ва Қозоғистон афғон муаммосини зудлик билан ҳал этишдан манфаатдор», — дея қайд этди Президент.
«Афғонистоннинг тинч ўзанга тушиб олиши минтақамиз мамлакатлари иштирок этиши мумкин ва лозим бўлган иқтисодий тараққиётига кўп жиҳатдан боғлиқ. Албатта, бу ерда Афғонистондаги ҳамкорликдаги инфратузилма лойиҳалари катта роль ўйнаши мумкин. Жумладан, минтақа давлатларининг Жанубий Осиё, Форс кўрфази ва Яқин Шарқ мамлакатлари портларига чиқиш учун ижобий аҳамиятга эга трансафғон транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ҳам. Ўйлайманки, Афғонистонда энергетика сектори ва транспорт коммуникациялари каби соҳаларни мутахассисларимиз тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш бўйича биргаликдаги лойиҳаларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорлик мазкур мамлакатда осойишталик жараёнини мустаҳкамлашда катта роль ўйнаши мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.